Asosiy menu

Tashkilot raxbarlarining rasmiy chiqishlari va bayonotlari matnlari

«Ўздонмаҳсулот» компаниясида бўладиган йиғилишга

маълумот

«Ўздонмаҳсулот» АК таркибига кирувчи айрим корхоналарда Кузатув кенгашлари йиғилишлари номигагина ўтказилиб, корхонада Бизнес режалар ишлаб чиқиб, бажарилиши устидан етарли даражада назорат ўрнатилмаган. Ички аудит хизматлари томонидан жамиятларнинг молиявий-хўжалик фаолияти таҳлил қилинмаган. Натижада жамият бошқарувининг ўз хизмат вазифаларига совуққонлик билан қараб, жамият манфаатларига зарар етказилишига сабаб бўлмоқда.

Хусусан, жамиятларнинг кредитор қарздорликлари (солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар, банк кредитлари, автотранспорт ва темир йўл корхоналаридан ва бошқа корхоналардан қарздорлик, иш ҳақи тўловларидан қарздорликлар) ўсишига йўл қўйилмоқда.

Айрим раҳбарлар ва моддий жавобгар шахсларнинг жиноий тил бириктириб, ўзига ишониб топширилган дон ва дон маҳсулотларини талон-торож қилганликлари, маҳсулот сифатини бузганлиги, эҳтиёт қисмлар сотиб олиш ва қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга оширишда нархларнинг сунъий оширилиши натижасида жамиятга зарар етказилаётганлиги ҳолатлари Кузатув кенгашлари ва Ички аудит хизматлари томонидан чуқур таҳлил қилинмаган.

Келгусида юқоридаги каби ҳолатларни олдини олиш ва компания таркибидаги корхоналарда қонунийликни таъминлаш мақсадида «Ўздонмаҳсулот» АК таркибига кирувчи барча корхоналар Кузатув кенгашларига жамиятларда ҳар ойда Кузатув кенгаши йиғилишларини ўтказиб, унда Ўзбекистон Республикасининг «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларининг ҳимоя қилиш тўғрисида»ги ва «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонунларида белгиланган Кузатув кенгаши ваколатларига кирувчи масалаларни муҳокама қилиш ва жамиятларнинг молия-хўжалик фаолиятлари билан боғлиқ бўлган аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш тавсия қилинади.

Хусусан, ҳар ойлик йиғилишларда қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилсин:

жамиятларга етказилган зарар ва жарималарнинг айбдор шахслардан регресс тартибида ундирилишини аҳволи;

2014 йил учун тасдиқланган бизнес режани бажарилишини чораклар кесимида таҳлил қилиб бориш, бажарилмаган параметрлар бўйича масъул шахсларга нисбатан чоралар кўриш;

Корхоналарни янги технологиялар асосида модернизация қилиш, маҳсулот ишлаб чиқариш ўсиш суръатини таъминлаш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг турларини кенгайтириш, сифатини яхшилаш, импорт ўрнини босадиган, экспорт қилишга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш аҳволи;

Ички бозорни истеъмол маҳсулотлари билан тўлдириш, корхонларнинг ишчи-хизматчиларини ижтимоий ҳимоялаш мақсадида корхоналардаги мавжуд ёрдамчи хўжаликлар фаолиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор бериш ва бу борада қабул қилинган дастурларни белгиланган муддатларда бажарилишини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар;

Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг таннархини камайтириш мақсадида ҳар бир технологик жараёнда электр энергияси сарфи ва меҳнат унумдорлигига эътибор қаратиб, ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг олдинги ойлардаги харажатларини таҳлил қилиб бориш;

Жамиятларни молиявий соғломлаштириш мақсадида, дебитор ва кредитор қарздорликларнинг ойлар кесимида таҳлил қилиб, қарздорликларни камайтириш чораларини кўриш.